Шовот туманида Рақамли технологиялар ўқув маркази иш бошлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг учинчи йўналиши – аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган бўлиб, бу борада вазифалар белгиланиб, бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 3-ташаббус доирасида Ахборот технологиялари вазирлиги томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аҳоли ва ёшлар учун Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилмоқда.
Мазкур ўқув марказларидан яна бири жорий йилнинг 23 ноябрь санасида Хоразм вилояти Шовот туманида очилиб, ўз иш фаолиятини бошлади. Ўқув маркази Хоразм вилоятида ташкил этилган еттинчи ўқув маркази ҳисобланади.
Рақамли технологиялар ўқув марказини очилишига бағишланган тадбирда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Жамшид Эгамбердиев, Шовот тумани ҳокими Хакимжон Отахонов, Ахборот технологияларини ривожлантириш вазирлигининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи Зафар Каримов ҳамда меҳнат фахрийлари ва ёшлар иштирок этдилар.
Ўқув марказини ташкил этиш учун Шовот туманидан “Ўзбектелеком”АК Хоразм филиалига қарашли бўш турган бино танлаб олинди ва тўлиқ таъмирдан чиқарилди.
Рақамли технологиялар ўқув маркази замонавий компьютер техникалари, робототехника жиҳозлари, принтер, киберспорт ўйинлари ускуналари ва бошқа энг сўнги русумдаги техника воситалари билан жиҳозланди. Қисқача қилиб айтганда ўқув марказида аҳоли ва ёшларнинг замонавий ахборот технологиялари соҳасида билим эгаллашлари ҳамда малакасини оширишлари учун зарур бўлган барча шарт-шароитлар яратилди.
Келгусида туман ёшлари ушбу ўқув марказида компьютер саводхонлиги, дастурлаш, робототехника, интернетдан фойдаланиш, киберспорт ҳамда бошқа бир қатор йўналишларда билимларини оширадилар. Шунингдек, ахборот технологиялари, дастурлаш соҳаларида инновацион ишланмалар яратиш, старт-ап лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан шуғулланадилар.
Шу билан биргаликда ўқув марказида тумандаги корхона ва ташкилотлар ходимларини замонавий ахборот технологиялари соҳасида малакасини ошириш режалаштирилган.
Рақамли технологиялар ўқув маркази ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш орқали ўз истеъдодларини тўлиқ ва ҳар томонлама намойиш этишлари ва орзу истакларини рўёбга чиқаришларига имкон беради.
Ўқув маркази туман аҳолиси ва ёшлари учун муносиб туҳфа бўлиши шубҳасиз!