Сайлов қонунчилигини бузганлик учун қандай жавобгарликлар бор?
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2014 йил 4 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига биноан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда илк маротаба “Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” белгиланди.
Шунингдек, Жиноят кодексида ҳам сайлов қонунчилигини бузганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи алоҳида нормалар мавжуд. Жумладан, Жиноят кодексининг 146-моддасида сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун, 147-моддасида эса сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик назарда тутилган.
Жиноий жавобгарликка сабаб бўладиган сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ бўлган қилмишлар Жиноят кодексининг
146-моддасида қатъий белгилаб қўйилган. Булар: сайловлар ёки референдумни ташкил қилиш пайтида мансабдор шахслар, сиёсий партияларнинг ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг вакиллари, сайлов ёхуд референдум комиссияларининг аъзолари томонидан содир этилган қонунбузарликлардан, хусусан, овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ҳужжатлари ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, бюллетенлар ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблашдан иборат.
Мазкур жиноят содир этилган ҳолларда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи бўлмиш сайлов ҳуқуқи ва сайловларни ташкил қилиш ҳамда ўтказиш бўйича белгиланган тартиб бузилади.
Шу билан бирга, сайловни ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузилишига қаратилган ҳаракатлардан бири содир этилган пайтдан бошлаб, ижтимоий хавф вужудга келган-келмаганлигидан қатъи назар, Жиноят кодексининг 146-моддасига мувофиқ жиноий жавобгарлик юзага келади. Сайловни ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Конституциянинг 32-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда билвосита иштироки белгиланган бўлиб, ушбу сиёсий ҳуқуқнинг бузилиши Жиноят кодексининг 147-моддасига мувофиқ жазоланади.
Шунингдек, жамиятдаги барча масалалар, хусусан, манфаатдор шахс сайлов комиссиялари қарорлари устидан юқори сайлов комиссиясига мурожаат қилмасдан, тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳам мумкин. Сайлов кодексининг 96-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатасига сайловни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги қарор Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади ва сайлов якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида бу қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.
Сайлов натижаларини ҳақиқий эмас, деб топилган, сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қилинган шикоят қаноатлантирилган тақдирда, суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши билан дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ва аризачига юборилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юридик жавобгарликни белгилашнинг асосий мақсади жазолаш эмас, балки қонунчиликда кўзда тутилган умумий мақсадларга қаратилган бўлиб, улар ижтимоий муносабатларнинг мустаҳкамланиши, тартибга солинишида ўз ифодасини топади.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда сайловчиларнинг ошиб бораётган ҳуқуқий маданияти ўтказилаётган сайловларнинг кўп жиҳатдан қонун доирасида эркин ва адолатли ўтишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шовот туман адлия бўлими бошлиғи Жонибек Қурбонов