Ватанпарварлик – Миллий Юксалиш Гарови
Ватанпарварлик – Миллий Юксалиш Гарови
“АЁЛГА, ОИЛАГА ЭЪТИБОР
ватанпарварликдир, ватанпарвар инсон ота-онасини,
бола-чақасини, оиласини, она-тупроғини кўз қорачиғидай
авайлаб-асрайди”, дейди вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш
бошқармасининг биринчи ўринбосари Гулсара Қурбанбаева.
Суҳбатимиз жамиятда аёлларнинг ўрни ва гендер тенглик мавзусида бўлиб ўтди.
Гулсара Аҳмедовна, бугун янгича тафаккур, янгича яшаш жараёнида зўр ғайрат ва шижоат билан меҳнат қилаётган, фарзанд тарбиялаётган аёлларимиз ҳақида қанчалар тўлиб-тошиб гапирсак арзийди. Шундай эмасми?!
– Ҳадиси шарифдаги “Жаннат оналар оёғи остидадур”, “Аввал онангизга, яна онангизга ва яна онангизга, сўнгра отангизга яхшилик қилинг”, деган беназир сўзларда ҳам ана шу чексиз эҳтиром намоён. Шу маънода мустақил Ўзбекистонимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида давлат аҳамиятига молик салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Оила ва унинг таъсирида шаклланувчи инсоний фазилатлар, биринчи галда, онанинг оқ сутидан, унинг чақалоққа бўлган меҳр-муҳаббатидан, бешик тебратиб ўтказган бедор тунларидан, эҳтиросга ва завқ-шавққа тўла ҳавасманд онларидан бошланади.
Аёлни фидойилик, тенгсиз садоқат, меҳр-муҳаббат тимсоли сифатида улуғлаймиз. Миллатнинг келажаги, истиқболи оналар қўлида эканлигини ҳар дақиқада ҳис этамиз. Бу эзгу ғоя куни кеча пайдо бўлмаган. Бу қадрият қадим-қадимдан бизга мерос қолган.
Она, рафиқа, қиз сўзлари аёлларимизнинг фазилатларини ифода этади. Ватанимиз келажаги бўлмиш фарзандларни тарбиялаётган оналар, турмуш ўртоғини оқ ювиб, оқ тараб хизматга жўнатаётган рафиқа, онасининг энг яқин ёрдамчиси, ота-онанинг меҳрибони ва Ватан келажагини тарбиялашга тайёргарлик кўраётган қиз!
Энди, ушбу қатор фазилатлар сирасига мутахассис ва сиёсатчи вазифаларини ҳам қўшинг. Аёллар бажараётган ишларни кўз олдингизга бир келтиринг. Фозиллик ва сиёсатчилик аёлдан нақадар катта куч, сабот, қатъият, тадбиркорлик хусусиятларини талаб этишини англаш қийин эмас.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида: “Фуқароларнинг жинси, миллати, диний эътиқодидан қатъий назар тенг ҳуқуқли эканлиги”, 46-моддада “Эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлиги”, 117-моддада эса “Сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари” кафолатланган.
Шунингдек, Меҳнат ва Оила кодексларида аёлларга имтиёзлар берилиб, ҳуқуқий ҳимояга олинган. Бугунги кунда оила, оналик, болалик ижтимоий муҳофазаси ва аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи Ўзбекистон Республикасининг 100 га яқин қонун ва қонун ости ҳужжатлари мавжуд. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ушбу йўналишдаги халқаро ҳуқуқий нормаларга ҳам қўшилган. Масалан, Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда қабул қилинган ва 1981 йили кучга кирган “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвециясини Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб, 1995 йили ратификация қилган. Мазкур конвенция 30 моддадан иборат бўлиб, унда хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазаси, тенг ҳуқуқлилиги белгиланган. Шунингдек, “Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Меҳнат ва иш турлари соҳасида камситишлар тўғрисида”ги ва бошқа ҳужжатлар мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қатор-қатор фармон ва қарорлари, жумладан, “Давлат ва жамият қурилишида аёлларнинг ролини ошириш тўғрисида”, “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ва бошқа кўплаб ҳужжатлар бор. Ҳар йили муайян йўналишда қабул қилинаётган махсус давлат дастурларининг ҳаётга тадбиқ этилиши доирасидаги режали ишлар қайсидир даражада аёлларимизнинг ҳаёт шароити ва сифатини яхшилашга ҳам алоқадордир.
Хотин-қизларни, сиёсатчи аёлларни юзага чиқарадиган ҳуқуқий омиллардан яна бири парламент сайловларида аёлларга квота белгиланганлигидир. Сиёсий партиялардан Парламентга номзод кўрсатилаётганда аёлларга 30 фоизлик квота белгиланди. Сайлов қонунчилигимизни бу тариқа такомиллаштирилиши миллий хусусиятларимиздан келиб чиққан. Натижада аёлларнинг Миллий қонунчиликдаги фаол иштироки таъминланди. Ушбу квота белгиланганлиги туфайли парламент аъзолари бўлган аёллар сони аввалги парламент сайловига кўра икки бараварга кўпайди. Хотин- қизларнинг қонун чиқарувчи органда иштирокини кучайтириш иккала жинс вакилларининг баравар иштирок этишига олиб келяпти.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида янги тузилма – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмитанинг ташкил этилганлиги, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, шунингдек, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилинганлиги аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида ҳуқуқий тенгликни мустаҳкамлашнинг юксак намунасидир.
– Дарвоқе, иккала жинс – гендер муносабатлари ҳақида гапирганда, албатта унинг маънавиятимизга таъсири даражаси нақадар кучли эканлигини эътироф этмасдан иложимиз йўқ.
– Жуда тўғри ва адолатли фикр айтдингиз. Гендер муаммоси эркак ва аёлнинг жамиятда тутган ижтимоий мавқе қандай бўлиши кераклигини таҳлил қилибгина қолмай, балки жамият ривожи ва тараққиёти билан боғлиқ масалалар қай йўсинда амалга оширилаётганлигини кузатади. Бу ўзаро муносабатлар жамиятимиз ривожида ва мамлакат тараққиётининг муҳим босқичларида катта аҳамиятга эга.
Гендер тенглик ҳақида кўп эҳтиросли сўзларни гапириш мумкин. Чунки, бугун гендер муаммоси маънавиятни юксалтириш, ўзликни англаш ва асраш, инсон ҳақ-ҳуқуқларини поймол этмаслик сингари масалаларни ҳам ўзида ифодалаши билан характерлидир. Шунинг учун гендер муносабатларини ўрганиш бизнинг мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Сиёсат чуқур таҳлилларга, аниқ мақсад, изчил режаларга асослангандагина барқарор бўлади.
– Гендер ёндошувни кундалик ҳаётимизга тизимли равишда татбиқ этмоқ учун энг аввало нималарга эътибор бермоқ лозим?
– Бугун биз жамиятимизда кечаётган иқтисодий, ижтимоий, маънавий жараёнларга қайсидир даражадаги масъул кишилар, фаолиятимизнинг ҳар бир дақиқасида ана шу улуғвор сиёсатга дахлдор эканлигимизни хис қиламиз. Шу маънода, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, ўзини жамиятимиз юксалишига тааллуқли инсон эканлигини тушунмоғи керак. Жамиятда муттасил равишда ривожланиш жараёни давом этар экан, унинг тараққиёти учун гендер муносабатларини тўғри ўрганмоқ лозим. Ўз ўрнида гендер муносабатлари тараққиётга ўз ижобий таъсирини ўтказади.
Назаримда, ҳар қандай сиёсатни, жумладан гендер муносабатларини ҳам энг аввало ўзимиздан, оиламиздан бошламоғимиз керак. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган халқимизда яхши бир ибора бор. Фарзандлар тарбиясида биз кўп ҳолларда ота-она масъулиятини четлаб ўтамиз. Агар бирор ижтимоий кўнгилсизлик, у ёки бу фарзандларимиз билан боғлиқ муаммолар юзага келса, “Маҳалла нега жим турган?”, “Ўқув юрти қаёққа қараяпти?”, “Маҳалла посбонлари нега жим?” деган хитоблар қулоққа чалинади. Лекин, негадир “Нега ота-онаси бунга йўл қўйган”, “Нега отаси тўғри тарбия бера олмаган?”, “Нега онаси бепарволик қилган?” каби саволлар ўртага ташламанмайди. Ваҳоланки, фарзанд тарбияси, ҳаёти учун энг биринчи навбатда уни дунёга келтирган ота-она юз фоиз жавобгар-ку! Бугун фарзандларимиз тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйсак, эртага жабрини ўзимиз тортишимиз ҳақ.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил қилинган янги тизим маҳаллалар ва оилалар ишини мувофиқ равишда олиб боришга, оилаларда ўғил-қиз тарбиясига, “Оила, мактаб, маҳалла” тамойилини янада самарали ташкил қилишга хизмат қилади. Оиладаги муҳитни аёллар яратади.
– Гендер тенглик бузилганида оилада, борингки, жамиятда қандай вазиятлар юзага келиши мумкин?
– Гендер масалаларига эътибор берилмаган вазиятларда адолат мезонларига путур етади, тенгсизлик, инсон ҳақ-ҳуқуқларининг поймол бўлишига ўз-ўзидан йўл очилади. Тенглик бўлган жойда тинчлик бўлади, тинчлик, осойишталик эса фаровонликка етаклайди. Шунинг учун ҳар биримиз тинчлик деб аталмиш неъматнинг нондек азиз эканлигини, адолат деб номланмиш буюк ҳақиқатнинг нақадар улуғвор эканлигини гендер манфаатдорлик орқали ифода этишимиз ҳаёт тарзимизга ҳам мос десак хато бўлмайди. Инсон ва унинг манфаатлари, эркак ва аёллар ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги тушунчалар гендер таълимининг асосини ташкил этар экан, бу ҳеч бир жинс паст ёки баланд деган тушунчани келтириб чиқармайди. Болажонларимизни ҳали онасининг вужудидалигидаёқ ана шу юксак туйғу ва олийжаноб ғоялар билан тарбияламок керак.
– Бугун хотин-қизлар кўпроқ қайси соҳада раҳбарлик лавозимида меҳнат қилишяпти?
– Агар республикамиз миқёсидаги рақамларга эътибор берадиган бўлсак, соғлиқни сақлаш вазирлигида 62,1, халқ таълими вазирлигида 71,3 фоиз хотин-қиз юқори раҳбар (бошқарма бошлиқлари, ҳудудий бўлимлар раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари) лавозимларида ишлашмоқда. Мактаб директорларининг 35 фоизи, ўринбосарларининг 47 фоизи, “Баркамол авлод” марказлари раҳбарларининг 56 фоизи, мактабгача таълим муассасалари мудираларининг 100 фоизи хотин-қизлардир. Бошланғич таълим даражасида меҳнат қилаётган ўқитувчиларнинг 89,5 фоизи хотин-қизлардан иборат. Ўрта таълим даражасида эса бу кўрсаткич 64,4 фоизни ташкил этади. Турли илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳаларида 514 фан доктори, қарийб 4780 фан номзоди, 6 нафар академик самарали меҳнат қилмоқда. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси таркибида 38 минг 392 киши (тармоқ касаба уюшмалари, вилоят бирлашмалари, туман ва шаҳар кенгашлари, бирламчи ташкилотлар раислари) раҳбарлик лавозимида ишлашмоқда. Уларнинг 16 минг 942 нафари ёки 44,1 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади.
– Раҳбар аёл ва она сифатида дилингиздан нималар ўтади?
– Ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп эканлигини ўйлайман. Бу – энг аввало оилаларнинг тинчлигини таъминлаш, фарзандларимизнинг ҳар томонлама камолотга етишлари учун саъй-ҳаракатларимизни янада ишга солишдан иборатдир. Аёлларни иш билан таъминлаш, уларни турли касб-ҳунарларга ўргатиш баробарида камбағалликка барҳам бериш чораларини кўриш муҳим тадбирларимиздан бири.
Айниқса, аёлларга ярашмайдиган салбий иллатлар, яъни, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, жумладан, жиноятчилик, одам савдоси, оилавий ажримлар, эрта никоҳлар, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини олдини олишимиз, бунинг учун халқимиз орасига кириб, улар билан самарали мулоқот ўрнатишимиз, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш йўлларини изламоғимиз даркор.
– Қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат! Эзгу ишларингизда янада юксак парвозлар тилаб қоламиз.
Суҳбатдош-
Дилбар БЕКЧАНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги
Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлиги
Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи